Вазирлар Маҳкамасининг Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида «Мақом музейи» фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Ўзбек мақом санъати мумтоз ва замонавий ижро намуналарининг фондини яратиш ҳамда музей ашёлари ва коллекцияларини илмий тадқиқ қилиш ишларини кучайтириш ва унинг натижаларини эълон қилиб бориш музей фаолиятининг асосий вазифалари сирасига киради.

Музейни жиҳозлаш, экпозициясини яратиш ҳамда эскиз ва лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Маданият вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда музейни унинг асосий вазифаларидан келиб чиқиб, мақом санъатига оид ҳужжатлар, кино, фоно-, фотоматериаллар ва музей ашёлари билан таъминлаш вазифаси топширилди.