7 август куни Жакартада Индонезия ОТМлари уюшмаси, Гунадарма университети, мазкур мамлакатдаги қатор тижорий тузилмалар ва Ўзбекистон элчихонаси иштирокида Индонезия-Ўзбекистон дўстлик жамияти ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси хабар қилди.

Дўстлик жамияти фаолияти доирасида туризмни ривожлантириш, илм-фан, маданият ва санъат соҳаларидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, иқтисодий форумлар ўтказишга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш белгиланган.

Жамиятни ташкил этишга бағишланган тадбир Гунадарма университети ташкил этилганининг 37 йиллигини нишонлаш доирасида бўлиб ўтди. Университет ректори Эко Шри Маргианти Индонезия-Ўзбекистон дўстлик жамияти икки мамлакат халқларининг яқинлашувида муҳим роль ўйнашига ишонч билдирди.

«Сўнгги саккиз йилда университетимиз ўзбек ҳамкорлар билан фаол алоқаларни йўлга қўйди, бир неча марта халқаро семинарлар, қўшма изланишлар ўтказилди», — деди у.

Гунадарма университетига 1981 йилда ташкил этилган. Айни пайтда университетда 42 мингдан ошиқ талаба таҳсил олади. Индонезия бўйлаб 15 дан зиёд филиаллари мавжуд.

Гунадарма университети Ўзбекистонда Миллий университет, ЎзДЖТУ, Тошкент архитектура-қурилиш институти, Самарқанд чет тиллар институти ва бошқа ОТМлар билан ҳамкорлик қилади.