Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ходимлари Самарқанд вилоятида абитуриентларга ОТМларга кириш имтиҳонлари вақтида ёрдам беришга ҳаракат қилган гуруҳни қўлга олди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги медиамарказ хабар қилди.

Гуруҳ аъзоларидан бири Маъруф Нурмуродов навбатдаги абитуриентни Самарқанд архитектура ва қурилиш институтига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3000 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланди. Гуруҳга Самарқанд чет тиллари институти талабаси Аброр Акрамжонов томонидан асос солинган.

«Гуруҳнинг ҳар бир аъзосининг ўзига яраша аниқ вазифалари белгилаб берилади. Учқун Авезов тест саволларини ечиб берадиган билимли йигит-қизларни топиш билан шуғулланса, бошқа аъзолар — Маъруф Нурмуродов ва Миржамол Эргашев эса пули кўп абитуриентларни излаш билан машғул бўлади», — дейилади хабарда.

Аниқланишича, жиноий гуруҳ ўз фаолиятида турли усуллардан фойдаланиб келган. Бир қарашда оддий: имтиҳонларга айнан абитуриентга ўхшаш, билими бор, деб ҳисобланган шахс топилган ва у кириб тест саволларини ечиб берган. Агарда бунинг сира иложи бўлмаса, унда ҳуфёна алоқа воситасидан фойдаланилган.

Олиб борилган тергов олди текширув ҳаракатлари давомида фуқаро Маъруф Нурмуродов ижарага олиб яшаётган хонадондан 97 та паспорт нусхаси ва фотосуратлар, 13 та абитуриентнинг қайд этиш варақаси, ҳужжатларни топширганлик ҳақидаги тилхатлар, 23 дона фуқаролик паспорти ва абитуриентлар рухсатномаларининг асл нусхалари топилган. Аброр Акрамжонов яшаётган уй кўздан кечирилганда 14 та паспорт нусхаси ва фотосуратлар, ДТМ рухсатномалари ва бошқа ҳужжатлар ашёвий далил сифатида олинди.

7 август куни юқоридаги ҳолатлар юзасидан Аброр Акрамжонов, Маъруф Нурмуродов, Миржамол Эргашев, Учқун Авезов ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.