Тошкент, Ўзбекистон — Америка Қўшма Штатлари, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда вазирликнинг Агроинновацион марказида намунали олма боғининг очилишида иштирок этди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси хабар тарқатди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги муваққат ишончли вакили Лесли Вигери очилиш маросимида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг инвестиция ва мониторинг бошқармаси бошлиғи Абдумалик Намозовга ҳамроҳ бўлди.

Агроинновацион маркази Ўзбекистон бўйлаб боғдорчилик мутахассислари учун мева ва сабзавотларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва қайта ишлашнинг инновацион ёндашувлар бўйича тадқиқот ва таълим маркази сифатида фаолият юритади. Марказнинг ташкил этилишида USAID, KOICA ва Корея Қишлоқ Жамияти Корпорацияси фаол қатнашдилар.

USAID 0,5 гектарли намунали олма боғини яратди ва бозорда талаб юқори бўлган «Golden Delicious», «Star Crimson», ва «Saltanat» каби маҳсулдорлиги ва қиймати юқори бўлган олма кўчатлари билан таъминлади.

Бундан ташқари, USAID ўғитни сув орқали юборишни ўз учига олувчи томчилаб суғориш тизими, вертикал панжара тизими ҳамда дўл ва ортиқча ультрабинафша нурларидан ҳимояловчи тўрлар билан жиҳозлаб, инновацион интенсив боғнинг яратилишини қўллаб-қувватлади.

USAID боғнинг доимий мониторинги ва ўсимликлар омон қолишини таъминлаш учун тезкор чораларни кўриш бўйича марказ ходимларига тренинглар ташкил этди. Соя бериш коэффициэнти 75 фоиз бўлган полиэтилен тўрлар ёз мавсумида ультрабинафша нурлар орқали ўсимликларни қуёш уриши хавфини камайтиради. Ушбу тўрлар дўл ва қушларга ҳам қарши ҳимояни таъминлаб беради ва шу йўсинда ҳосилни оширади.

KOICA иссиқхоналарининг барча электроэнергия эҳтиёжларини қопловчи 16 киловатли қуёш панель тизимини ўз ичига олувчи 0,5 гектарли замонавий иссиқхонани қурилишига кўмак берди. Корея Қишлоқ Жамияти Корпорацияси эса ҳозирда 1000 тонна сиғимли замонавий совуқ сақлайдиган омборни қурмоқда.