Равшан Аюбович Ғуломов Ўзбекистон Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимини тарк этди, дея хабар қилинди «Газета.uz"га собиқ раис қабулхонасидан.

Равшан Ғуломов (1968 й. т.) Давлат рақобат қўмитасига 2017 йил апрелидан раҳбарлик қилиб келаётган эди. Тошкент давлат университети (1992) ва Австралия миллий университети (1998) битирувчиси.

1992−2004 йилларда Марказий банкда ишлаган, 2001 йилдан МБ раиси ўринбосари бўлган. 2004−2007 йилларда Ўзбекистон Миллий банки раисининг биринчи ўринбосари ва «Асака» банки бошқаруви раиси сифатида фаолият юритган. 2007−2016 йилларда молия вазирининг биринчи ўринбосари, Иқтисодиёт вазири (2010−2012), Ташқи иқтисодий алоқалар, савдо ва инвестиция вазири биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори бўлиб ишлаган.

«Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси маълумотига кўра, Равшан Ғуломов Вазирлар Маҳкамасининг макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш, молия ва банк тизимини ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаментига раҳбар бўлди.