2018 йилнинг 1−7-август кунлари Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича икки мамлакат Ҳукумати делегациялари ишчи гуруҳларининг музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув чоғида дала текширувларининг якунлари кўриб чиқилди ва давлат чегарасинининг қолган участкаларини баён қилиш давом эттирилди.

Мазкур музокаралар давомида Ўзбекистон Республикасининг Фарғона вилояти билан Қирғизистон Республикасининг Боткен вилояти туташган ҳудудидаги иккита участка (Шоҳимардон ва Ғазнов) баён қилинди.

Музокаралар якунида Баённома имзоланди. Унда Ўзбекистоннинг Фарғона ва Наманган вилоятлари билан Қирғизистоннинг Боткен ва Жалолобод вилоятлари туташган ҳудудларда жойлашган икки давлат чегарасининг қолган участкаларида дала текширувларини ўтказиш саналари ҳам келишиб олинди.