8 август куни Халқаро пресс-клубда божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги стратегик вазифаларга бағишланган махсус сессия ташкил қилди.

Сессияда Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти ва қўмита таркибий тузилмалари бошлиқлари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, тадбиркорлик субъектлари иштирок этди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz"га маълум қилди.

Божхона ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган тадбирлар ва божхона кўриклари натижасида жами 5215 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, 69,9 млрд. сўмлик товарлар олиб қўйилди. Аниқланган ҳуқуқбузарликларнинг 230 та ҳолати юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.

Жорий йилда товарларни сохта кузатув ҳужжатлари асосида чегарадан олиб ўтиш ва расмийлаштириш билан шуғулланган 20 та ТИФ қатнашчиларининг жиноий фаолияти фош этилиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жами 135,2 млрд сўмга яқин қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди. Бундан ташқари, 60 та ТИФ қатнашчилари томонидан 24,5 млрд. сўмлик божхона имтиёзларидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбирларда 23,9 кг. гиёҳвандлик воситалари, 567 дона психотроп моддалар, 22 дона ўқотар қурол, 202 дона жанговар ўқ-дори, 4421 дона диний мазмундаги, шафқатсизлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи материаллар ҳуқуқбузарлардан олинди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилиниб, импорт божи ва акциз солиғи ставкалари унификация қилинди ва улар 2019 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилиши белгиланди.

Жумладан, жами 11 295 товар позициясидан 3 410 таси бўйича божхона божи ставкалари туширилиб, 8 166 (бундан олдинги кўрсаткич 6 240) та товар позицияси учун божхона божи 0 ставка миқдорида белгиланди. Божхона божи ставкасини ўртача арифметик ҳисоби амалдаги қарор буйича 6,45 фоизни ташкил этган бўлса, янги қабул қилинган қарор бўйича 4,07 фоизни ташкил этиб, 1,5 баробарга камайган.

Акциз солиғига тортиладиган жами 1 530 та товар позицияларидан 778 тасига акциз солиғи ставкаси 0 ставка миқдорида белгиланди (қисқариш 1,9 баробар), 752 та товар позициялари бўйича 5 фоиздан 70 фоизгача бўлган ставкалар янада қисқартирилди.

Шу билан бирга, 2018 йил 1 сентябрдан бошлабчегара божхона постларида божхона органлари томонидан божхона назорати ўтказилганда ветеринар, фитосанитар, экологик ва санитар-эпидемиологик назорат ҳам амалга оширилиши;

иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг аккредитациядан ўтган органлари томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган, Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган товарларга нисбатан мажбурий мувофиқлик сертификатлаштиришни амалга ошириш талаб этилмаслиги;

товарларни «эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимига божхона расмийлаштируви учун давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмаслиги назарда тутилган.

2018 йил давомида товарларни божхона кўригини танлаб текшириш принципига риоя этган ҳолда хавфни бошқариш тизими тўлиқ ишга тушади.

Ушбу тизимга кўра, экспорт-импорт қилинаётган товарлар фақат дастлабки божхона режимига расмийлаштириш вақтида хавфни бошқариш тизимини қўллаш асосида танлаб текшириш принципига риоя этган ҳолда божхона кўриги ўтказилади.

Хавфни бошқариш тизимида товарни божхона кўригидан ўтказиш кераклиги тўғрисидаги қарорни тадбиркорлик субъектининг халоллигига қараб, автоматлаштирилган дастурдаги ахборотлар асосида қабул қилиниши кўзда тутилмоқда. Яъни субъектив ёндашувдан воз кечилади.

2018 йил 1 сентябрдан Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтида товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракати режимини тартибга солувчи барча норматив ҳужжатлар, товарларнинг божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар, ҳар бир товарга мос равишда божхона божлари ставкалари, ушбу ҳужжатларни берувчи органлар тўғрисидаги батафсил ахборотни, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун бошқа маълумотларни реал вақт режимида бепул асосда олиш имконини берадиган «Интеграциялашган тариф» интерактив хизмати жорий этилиши, тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилганда давлат органларига «Интеграциялашган тариф» интерактив хизматида назарда тутилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш ман этилиши белгилаб қўйилди.

Айни пайтда 2018 йил 1 ноябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш устида иш олиб борилмоқда.