Халқ депутатлари Нишон туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Қашқадарё» газетаси сайтида хабар берилди.

Унда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев сўзга чиқиб, туман салоҳияти, иқтисодий имкониятлари, кейинги йилларда халқ хўжалигининг турли жабҳаларида эришилган ютуқлар ҳамда йўл қўйилаётган камчилик ва ечимини кутаётган муаммолар ҳақида фикр билдирди. Бу хусусда мутасаддиларнинг фикрини эшитди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ҳайитмуродов Мухтор Қўлдошевич Нишон тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

2016 йилдан буён туманни бошқариб келган Жураев Асрор Рустамович эса вазифасидан озод этилди.

Маълумот ўрнида, Мухтор Ҳайитмуродов илгари ҳам ушбу лавозимда ишлаган, 2012−2016 йилларда Нишон туманига раҳбарлик қилган. 2016 йилдан шу вақтга қадар эса вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.