Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси тегишли қарор билан оилавий меҳмонхона уйларини ташкил этиш ва фаолиятини юритишни тартибга солди.

Ҳужжатга кўра, оилавий меҳмонхона уйи — мазкур меҳмонхона уйида уй эгаси ва унинг оила аъзолари билан бирга биргаликда яшаши тамойили асосида 10 нафаргача туристнинг вақтинча яшаши ва (ёки) овқатланиши бўйича хизмат кўрсатувчи хусусий уйга эгалик. Уйда ҳар бир яшовчи учун 3 кв м яшаш майдонига эга бўлиши лозим.

Оилавий меҳмонхона уйи хизматлари якка тартибдаги тадбиркор ёки оилавий тадбиркор томонидан кўрсатилади. Оилавий меҳмонхона уйларини рўйхатга олиш ва улар рўйхатини юритиш Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Оилавий меҳмонхона уйлари хизматларини кўрсатишни сертификатлаштириш тизимини соддалаштириш кўзда тутилган бўлиб, унга кўра оилавий меҳмонхона уйини ўрганиш асосида тузилган баённома асосида Оилавий меҳмонхона уйларининг ягона реестрига киритилади.

Тижорий банкларга реестрга киритилган оилавий меҳмонхона уйлари эгаларига имтиёзли кредит ажратиш тавсия қилинди. Кредит ҳажми — беш йил муддатга, жумладан икки йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан ошмайдиган миқдорда энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баробаригачани ташкил этади.