Туғма юрак нуқсонига эга уч нафар ўзбекистонлик бола «Умидлар занжири» француз Шифокорлар ассоциацияси гуманитар миссияси доирасида Нант шаҳри (Франция) клиникасида операция қилинди, дея хабар қилди «Дунё» АА.

20 августга қадар улар қайта тиклаш доирасида кардиожарроҳ Оливье Барон бошчилигидаги француз шифокорлари назорати остида бўлади. Октябрда яна бир болани операция қилиш режалаштирилмоқда.

«Умидлар занжири» (La Chaine de l’Espoir) шифокорлар ассоциациясига 1994 йилда асос солинган бўлиб, 250 нафардан ошиқ шифокор-кўнгиллини бирлаштиради. Улар бутун дунёдаги маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорлик қилиб, йилига 100 минглаб болаларга ёрдам кўрсатади. «Умидлар занжири» болалар жарроҳлиги соҳасида 30 мамлакатда 200 та гуманитар миссия доирасида йилига 5000 болани операция қилмоқда.

2015 йилдан буён ассоциация билан ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик 86 бола операция қилинди.