Гулистон, Қарши, Самарқанд, Урганч ва Фарғонада президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиаллари ташкил этилади. Бу Ўзбекистон президентининг 6 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиалларини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.

Ҳудудларда малака ошириш режалари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари, шунингдек, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг бошқарув кадрлари ва масъул ходимлари таркибидан шакллантириладиган буюртмалар асосида Академия томонидан тасдиқланади.

Ҳудудий филиалларда ўқув жараёни замонавий таълим технологияларини татбиқ этган ҳолда бошқарув кадрлари кўникмаларини шакллантириш, интерфаол машғулотлар ва давра суҳбатларини мунтазам ўтказиш, ҳудудларда юзага келган муаммоларни таҳлил қилиш ва ҳал этиш асосида ташкил этилади.

Ҳудудий филиаллардаги малака ошириш курсларида иш жойидан ажралган ҳолда таълим олаётган тингловчилар учун ўқиш даврида асосий иш жойидаги лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.

Ҳудудий филиалларда бошқарув кадрлари ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида давомийлиги бир ойдан ошмаган қисқа муддатли дастурлар бўйича малака оширади.

Малака ошириш курсларига фақатгина маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари ҳамда бошқа давлат ташкилотларининг бошқарув кадрлари ва масъул ходимлари давлат гранти асосида қабул қилинади.