30 июлдан 5 августгача Ўзбекистонда 160 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди, дея хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Мазкур ЙТҲлар натижасида 44 киши (кунига ўртача 6 киши) ҳалок бўлди, 142 киши (кунига ўртача 20 кишидан) турли даражада тан жароҳатларини олган. Авваллари ЙҲХББ ҳафталик ўлим статистикасини ошкор қилмас эди.

Йўл-патруль хизмати инспекторлари ҳафта давомида 86,1 мингдан ортиқ йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бузилишини қайд этган бўлиб, уларнинг 40,3 мингдан ошиғи қўпол қоидабузарликдир.

Қоидабузарликлар бўйича статистика — 15416 таси — ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камарини тақмаслиги (инспекторлар йўловчиларнинг камардан фойдаланишини назорат қилмайди), 11916 таси — белгиланган тезликни ошириш, 11827 таси ҳайдовчилар томонидан одам ташиш қоидаларинини бузилиши, 1596 таси — автомобилни маст ҳолатда бошқариш, 1168 таси — светофорнинг тақиқловчи чироғида ўтиш, 908 таси автомобилни бошқариш вақтида телефондан фойдаланиш, 679 таси — автомобиль ойнасини қорайтириш қоидаларининг бузилиши, 254 таси — темир йўл кесишмаларидан ўтиш қоидаларини бузиш.