Тест синовларининг бешинчи куни республикадаги 18 та олий таълим муассасаларида тест жараёнлари бир вақтда 1-сменада 8.00дан бошланиб, 11.30га қадар ва 2-сменада 15:00 дан бошланиб, 18:30 га қадар тўлиқ якунланди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўзининг фейсбукдаги саҳифаси орқали маълум қилди.

Тест синовлари ўтказиладиган 57 та бинода ёнғин ва хавфсизлик чоралари кўрилди. Барча биноларда тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ҳамда тест синовлари ўтадиган ҳудудларда тез ёрдам машиналари ташкил этилди.

5 августдан ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида абитуриентларнинг ота-оналари учун салқин жойларда ўринлар сони кўпайтирилди ва у ерда катта ҳажмли мониторлар ёрдамида тест жараёнлари онлайн кўринишда ёритиб борилди.

Ёзнинг чилласида ота-оналарга янада қулайлик яратиш мақсадида илк бор тест синовлари UzdigitalTV ва маҳаллий телеканаллар орқали ҳамда test2018.uz Интернет сайтида онлайн кўринишида тўғридан-тўғри ёритилди.

Ички ишлар тизимидан 4 963 нафар шахсий таркиб ходимлари, 1206 та алоқа воситалари, 694 та металлодетекторлар, 289 та транспорт воситалари тест синовлари жараёни хавфсиз ўтишига жалб қилинди.

Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан тест синовлари ўтказиш тартиб-қоидалари ва технологияси бўйича махсус тайёргарликдан ўтган 2 минг 404 нафар гуруҳ назоратчилари жалб этилди.

Барча ҳудудларда жамоат ва ёнғин хавфсизлиги, тест материалларининг махфий ва даҳлсизлиги, бинолар фаолият тизимининг узлуксиз ишлаши, тиббий хизмат ва иншоотларни қўриқлаш тўлиқ таъминланди.

Тест синовларида 18 та олий таълим муассасаларининг 98 та таълим йўналишида 57 минг 728 нафар абитуриент иштирок этди, турли сабабларга кўра 1443 нафар абитуриент тест синовларига келмади.

Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 292 нафар абитуриент, шундан 161 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга ва ўзгани ўрнига киришга уринганлиги учун, 131 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга ва бошқа абитуриентларга ёрдам беришга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.

Тест натижалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Фельдегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 18.30 дан қайтариш бошланди. Сўнгги материаллар Фарғона водийси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан кечаси 2:00да етиб келади.

Етиб келган тест натижалари бўйича дарҳол компьютер ёрдамида қайта ишлаш жараёни бошланади.

Давлат тест марказининг ходимлари ташқарига чиқмасдан, телефон ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланмаган ҳамда тест материалларининг махфийлигини таъминлаган ҳолда тест материалларини қайта ишлайди.

5 август тест натижалари 6 август куни куннинг иккинчи ярмида Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида эълон қилинади.

Республикада тест синовлари 1−15 август кунларига режалаштирилган. Ташкил қилинган тизим бўйича ишлар давом эттирилади.