Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидаги Қўқон ҳамда Жанубий Кореянинг Кёнгидо провинциясидаги Пхочхон шаҳарлари қардошлик алоқаларини йўлга қўйди. Қардошлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги меморандум Корея Республикасида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва Пхочхон шаҳри мэри Со Жанвон томонидан имзоланди, дея хабар қилди вилоят маъмурияти матбуот хизмати.

Икки шаҳар ўртасидаги қардошлик алоқаларининг ўрнатилиши иқтисодиёт, инвестиция ва туризмни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Фарғона вилояти делегациясининг Жанубий Кореяга ташрифи вақтида Сеул, Инчхон, Кванжу ва Хвасонгдаги йирик компаниялар билан ҳам меморандум ва шартномалар имзоланди.

Korea Heating Corporation Фарғона вилоятида иситиш тизимини реконструкция қилишда иштирок этади.

UKO Global Light компанияси билан ҳамкорликда Фарғонада чиқиндиларни қайта ишлаш йўли билан электр энергияси ишлаб чиқиш бўйича лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Taeho Machinery ва «Баҳодир Логон текстиль» тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотларни Жанубий Кореяга экспорт қилиш тўғрисидаги шартномани имзолади.

Chung Construction Design Group Фарғонада тўрт юлдузли меҳмонхона ва кўп қаватли уйларни лойиҳалаштириш ҳамда қуриш билан шуғулланади. Sang Myong Учкўприк туманида 12 га майдонда соғломлаштириш туризм маркази ва тиббиёт клиникаси қурилишига инвестиция киритади.

Doori Enginering ва «Баҳодир Агросаноат» корхонаси 50 га майдонга гидропоника усулида иссиқхона ташкил этиш ҳамда ҳосилни Корея Республикасига экспорт қилишни мўлжалламоқда. Crechiko компанияси биланФарғонада йирик паррандачилик мажмуасини қуриш ва йилига 10 минг тонна товуқ гўшти олишга келишилди.