Фарғона вилояти Олтиариқ туман Полосон қишлоғида тез тиббий ёрдам шифокори бемор қариндошининг ҳужумидан жабрланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

2018 йил 3 август куни 16:30 да туман тез тиббий ёрдам хизматига Полосон қишлоғида яшовчи Мирзажалил Ҳакимовнинг (1949 йилда туғилган) қариндошларидан унинг хушсиз ҳолда ётгани ҳақидаги мурожаат келиб тушади.

Чақириқ марказий тез тиббий ёрдам орқали қабул қилиниб, 16:31 да 89- қишлоқ оилавий шифохонасига берилади. Тез тиббий ёрдам ходимлари — бўлим навбатчи шифокори Шуҳратбек Сирожиддинов ва ҳамшира Умидахон Ҳусанова — 16:32 да чақирув бўйича йўлга чиқади.

Тез тиббий ёрдам бригадаси 16:36 да, яъни 4 дақиқа ичида манзилга етиб боради. ССВнинг қайд этишича, вазирликнинг 19 февралдаги 105- буйруғига кўра, тез тиббий ёрдам бригадаси чақирув бўйича 25 дақиқа ичида етиб бориши лозим.

Навбатчи шифокор машинадан тушиб, беморни кўриш учун уйга кирганида, беморнинг невараси шифокорни ҳақоратлаб, уни уради. Шуҳратбек Сирожиддинов бошига кутилмаган зарба келиб тушишидан хушини йўқотади.

«Ҳаттоки шундай ҳолатда ҳам ўз хизмат мажбуриятини унутмаган ҳамшира Умидахон Ҳусанова уйга киради ва беморни кўрикдан ўтказиб, унда ҳаёт аломатлари йўқлигини аниқлайди», — дейилади хабарда.

Шуҳратбек Сирожиддинов Олтиариқ туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига оғир аҳволда олиб борилади. Унга ёпиқ бош мия суяги синиши, бош мия чайқалиши ва бошқа ташҳислар қўйилди.

«Юқоридаги каби малакали шифокорларнинг калтакланиши ва ҳақорат қилиниши тиббиёт ходимларининг ҳимоясиз эканини тасдиқлайди, — дея қайд этди ССВ. — Сўнгги вақтларда бундай ҳолатларнинг тез-тез содир бўлаётгани тажрибали шифокорларнинг тиббиётнинг бошланғич тизимини тарк этишига сабаб бўлаяпти».

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳодиса бўйича қонуний чора кўрилиши учун Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилди.