Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Эктор Купер билан кейинчалик бир йилга узайтирилиши мумкин бўлган уч йиллик шартнома имзолади. Бу ҳақда аргентиналик 62 ёшли мутахассис матбуот анжумани вақтида айтиб ўтди.

УФА вакили агарда ЖЧ-2022 саралашидан омали ўтиладиган бўлса, шартнома узайтирилишини айтди. Бироқ у мураббий билан ўзаро келишув борлиги сабабли унинг маоши ва муосбақаларда қўлга киритиладиган ғалаба учун бериладиган бонуслар ҳақида маълумот бермади.

Эктор Купер ўз олдига қўйилган вазифани уддалай олишига ишонмоқда. «Бу ишни эплай олишимга ишоняпман. Менда бунга етарлича мотивация бор. Агар ўзимга ишонмаганимда, бу ишга киришмаган бўлардим», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Купер икки сабабга кўра Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга рози бўлган. «Битта сабаб — Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги ғалабаси. Иккинчидан, ассоциациянинг қўйган вазифа ва мақсадлари менга қизиқ туюлди», — деди Эктор Купер.

Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқиш имконияти ҳақида гапирар экан, мутахассис ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини билдирди. «Ишлашга ва бор кучимни шунга [Ўзбекистоннинг ЖЧ-2022 га чиқишига] сарфлашга ваъда бераман. Кейин имкониятларни муҳокама қиламиз», — деди у.

Аргентиналик мураббий шунингдек фақат миллий терма жамоанинг натижаларига жавоб беришини айтди. «Мен фақат Ўзбекистон миллий терма жамоасига жавоб бераман. Олимпия терма жамоасига ҳам ёрдам беришим мумкин, аммо унинг учун жавоб бермайман», — деди янги бош мураббий.