2 август куни Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидаги «Шоббоз» ҳафталик деҳқон бозорида ўғриликда гумонланган шахсни арқон билан қўлларидан бозор кириш дарвозаси устунига осиб қўйган яна уч киши аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар қилди.

Қорақалпоғистон ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан берилган қўшимча маълумотга кўра, тергов жараёнида фуқаро Д.Н.ни қўлларини арқон билан боғлаб, бозорнинг кириш дарвозаси устунига осиб қўйган фуқаро У.А. билан Х.С., Х.Ғ. ва М.Ш. ҳам бўлгани аниқланиб, ушланди, дейилади хабарда.

Суриштирув жараёнида У.А., Х.С. ва М.Ш. ўз жиноий ҳаракатларини содир этишга вояга етмаган шахсни ҳам жалб қилишгани аниқланди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 127-моддаси (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш), 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш), 277-моддаси (Безорилик) ва 229-моддаси (Ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.