Самарқанд халқаро аэропортига «Домодедово-Самарқанд» йўналишидаги 612-рақамли авиарейс билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Н.М. «яшил» йўлак орқали божхона назоратидан ўтиш вақтида сумкасининг ичида қиймати 16 миллион сўмдан зиёд бўлган тиббиёт ускунаси борлиги аниқланиб, божхона ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган. Бу ҳақда «Самарқанд аэропорт» чегара божхона пости катта инспектор-суриштирувчи Лазизи Қаҳҳоров «Зарафшон» газетасига маълум қилган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» унитар корхонаси хулосасига кўра, далилий ашё сифатида олинган «Электропечь вакуумная малогабаритная ЭВП АВЕРОН» ёзувли тиббиёт ускунасини қонуний лицензиясиз (рухсатнома), сифатини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, сотиш, фойдаланиш ва тиббий амалиётга қўллашга рухсат этилмайди.

Суд фуқаро Н.М.ни қилмишини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлари мавжуд эмас, деб ҳисоблаб, унга нистабан жазо тайинлашда муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганини инобатга олиб, тегишли қарор чиқарди.

Фуқаро Н.М. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22719-моддаси 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, суд Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, жорий йил бошидан буён 7 ой давомида «Самарқанд аэропорти» чегара божхона постида 11 та ҳолатда 155 миллион 700 минг сўмлик тиббий амалиётда фойдаланишга яроқсиз деб топилган тиббиёт буюмлари ҳамда дори воситалари олиб келиниши олди олинган.