Қуйичирчиқ тумани ИИБ га 24 ёшли Зера Газиева ариза билан мурожаат қилиб, ўзи билан бирга яшаб келаётган бувиси Султания Газиевани қасддан ўлдирганини маълум қилади. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг Фейсбукдаги саҳифаси орқали хабар берилди.

Ота-онаси ажрашиб кетгандан сўнг Зера ва унинг синглиси бувисининг қарамоғида қолади. Онаси ҳам касаллик сабаб эрта оламдан ўтади.Жажжи гўдакларни улғайтиришни зиммасига олган аёл уларни боқа олмаганини рўкач қилиб, Меҳрибонлик уйига топшириб юборади.

Зера билан синглиси ҳам улғайиб, 14- 15 ёшга кириб қолганда бувиси уларни Меҳрибонлик уйидан олиб келади ва яна бирга яшай бошлайди. Аммо қизлар учун қора кунлар бошланади. Зерани ўгай бобоси томонидан зўрланиб, хўрланишига ҳам ҳеч ким эътибор бермайди. Шундан кейин эндигина 15 ёшга кирган қизалоқ қалбида ҳаётга, одамларга нафрат уйғонади. Бувиси уни ҳимоя қилмагани хотирасида муҳрланиб қолади.

Ичиш, чекишга ўрганган, тарбияси ҳаминқадар бўлган Зера биринчи турмушидан бир нафар фарзанди билан ажрашиб кетади. Яна бувисининг уйида яшай бошлайди. У кунларнинг бирида ўртачирчиқлик Жасур Азаматов билан танишиб, никоҳсиз ҳаёт кечира бошлайди. Орада Жасурдан фарзандли бўлишга ҳам улгуради.

Зера бувиси Султания билан тез-тез жанжаллашиб турар эди. Қотиллик содир этилган куни ичкилик ичиб маст бўлиб, бувисидан ота-онаси ҳақида сўрайди. Султания томонидан отасини ҳақорат қилиниши уни ғазабини қўзғайди. Отасини бир бор бўлса-да кўриш насиб қилмаган, болалиги аччиқ изтиробларда ўтган қиз бувисидан қасд олишни мақсад қилади.

Жасур билан олдиндан жиноий тил бириктириб, қурт-қумурсқаларни заҳарлаш учун мўлжалланган доридан чой дамлаб Султания Газиевага лимон кислотали чой деб алдаб ичиради. Бувиси соғлиги ёмонлашиб, ўзини ҳимоя қила олмай қоладиган даражага келганидан сўнг Зера ёстиқ билан унинг юзига босиб туради. Бу ҳам етмагандек Жасурга арқон олиб келишни буюриб, аёлни буғиб ўлдиради. Жасадни эса ҳовлига кўмиб ташлайди. Орадан вақт ўтиб Зера Газиева бувисини ўлдирганини айтиб, ИИБ мурожаат қилади.

Ҳозирда Зера Газиева ва Жасур Азаматовларга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.