27 июль куни Шавкат Мирзиёев раислигида жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видео-селектор йиғилишида Қибрай тумани ҳокими, унинг ўринбосарлари, туман прокурори, туман ИИБ раҳбари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси ва «Маҳалла» жамғармаси туман бўлими раҳбарини лавозимдан озод этишга кўрсатма берганди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, Тошкент вилояти Қибрай туманига 2009 йилдан буён ҳокимлик қилиб келган Ниғмат Исроилович Муҳамедов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Қибрай туманига Олмалиқ шаҳрига ҳокимлик қилиб келаётган Мирқосимов Мираъзам Мирозодович 2018 йил 31 июлдан Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокими этиб тайинланган.

Мирагзам Мирозодович Мирқосимов 1975 йилда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. Миллати ўзбек. Маълумоти олий.

У 1997 йил Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини (кундузги), 2008 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини битирган.

Мираъзам Мирқосимов 2017 йилнинг мартида Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳокимлигидан олинган ва шу йилнинг август ойидан Олмалиқ шаҳрига ҳоким этиб тайинланган эди.

Шунингдек, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти бошқаруви раиснинг иқтисодиёт ва молия бўйича ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Каримов Ўктамжон Дехқонович 2018 йил 31 июлдан Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Олмалиқ шаҳар ҳокими лавозимига тайинланди.

Каримов Ўктамжон Дехқонович 1972 йилда Фарғона вилоятида зиёлилар оиласида туғилган. Миллати ўзбек. Маълумоти олий. У 1995 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (кундузги) битирган.