Ўтган йилнинг кузи ва жорий йил қиш пайти қўшкўпирлик Нодирбек Матёқубов ва Норбек Абдуллаев томонидан содир этилган жиноий ҳаракатлар нафақат суд ва тергов органлари, балки жамоатчилик томонидан ҳам батафсил ўрганиб чиқилди. Судда эса Ёшлар иттифоқининг Қўшкўпир туман кенгаши мутасаддилари ҳам иштирок этди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди судьяси Раъно Камолова «Газета.uz"га маълум қилди.

Суд ишни жамоатчилик ҳукмига ҳавола этар экан, Олий суд ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўр­тасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида 2017 йил 5 декабр­да имзоланган Меморандум талабларига суянди.

Меморандумда ёшларни ҳу­қуқий жиҳатдан тарбиялаш, турли ножоиз ҳолатлардан ас­раш, жиноят ва ҳуқуқ­бу­зарлик ҳаракатлари содир қи­линган ва асосли ҳоллар мавжуд бўлган вазиятларда уларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган жазо чораларини енгиллатиш ёки ундан озод қилиш, тарбиявий аҳа­миятга эга судлов тадбирларига ёшлар иштирокини таъминлаш билан бирга ҳуқуқий-профилактик тадбирлар, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини ҳам кўзда тутилган.

Айтиш жоизки, ҳар икки суд мажлиси сайёр тартибда ўказилди.

Қўшкўпир туманидаги 10-сонли мусиқа ва санъат мактабида кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилган суд мажлисида 1993 йил ушбу туманнинг Ўртаёп қишлоғида туғилган, оилали ва олий маълумотли, муқаддам судланмаган Нодирбек Матёқубовнинг жиноий қилмиши кенг жамоатчилик, хусусан, Ёш­лар итифоқининг туман кенгаши вакиллари иштирокида кў­риб чиқилди.

Судланувчининг айби билан содир бўлган машъум воқеа тафсилоти қуйидагича: тун алламаҳали чоғи яқин қа­рин­дошининг хонадонида бўлган тўйдан маст ҳолатда уйига қайтаётган Нодирбек Матёқубов йўлда учраган қўшниси Исмоил Қўшақовни арзимас сабаб билан дўп­послайди.

Бунинг оқибатида жабрланувчининг бош мияси, жағи, чакка суяги ва унинг юмшоқ тўқималари, ўнг қўли ва тиззаси оғир даражада шикастланиб, ҳу­шини йўқотади ва у шифохонада ўзига келади.

Туманнинг Янгилик қишло­ғи фуқароси, 1992 йили туғилган Норбек Абдуллаевнинг жиноий қилмиши оқи­батида эса, 1989 йили ушбу туманда туғилган Фахриддин Дўстов бемаҳал ҳаётдан кўз юмди.

Н. Абдуллаев 2018 йилнинг 4 январида акасига қарашли «90 Р 767 ВА» рақамли «Нек­сия» русумли автомашинасини ҳаракат хавф­сизлиги қоидаларига бутунлай хилоф ҳолда бошқаради. Оқибатда у автомашина билан ўз йўли бўйлаб велосипедда кетаётган Ф. Дўстовни уриб юборади.

Жабрланувчи орадан 2 соат ўтгач, шифохонада вафот этади.

Катта кўчада юз берган бу фожиали воқеа тергов органи каби жамоатчилик, жумладан, Ёшлар иттифоқининг маҳаллий ташкилоти томонидан ҳам синчиклаб ўрганилди. Гарчи бир бегуноҳ инсоннинг умрига зомин бўлишига олиб келган эса-да, бунинг жавобгари сифатида судга тортилган Н. Абдуллаевнинг айбини жиддий енгиллатиш имконлари мавжуд экани маълум бўлди. Чунончи, муайян миқдордаги гаров эвазига озодликда қолган гумондор қилмишига тўла иқрорлик билдирди, биринчи марҳумнинг оила аъзоларидан астойдил кечирим сўради, дафн маросими ва маракалари билан боғлиқ харажатларни тўла қоплади.

Ўз нав­батида, айбланувчи ўзи яшаётган маҳалла жамоатчилиги томонидан ҳам ижобий тавсифланди. Айни пайтда муқаддам судланмагани, қилмишидан астойдил пушаймон экани, қонундан ҳам, жабр­дийда тарафдан ҳам қалбан кечирим сўрагани, ҳали ёшлиги, уйланмагани, қилмишидан тўғ­ри хулоса чиқаргани, келгусида маънавий-ахлоқий жиҳатдан буткул тузалиб, ҳаётда тўғри йўлни топиб олиш имконлари тўла мавжудлиги, жабрланувчи тарафга етказилган моддий зарар қоплангани каби омиллар туман ёшлар ташкилотининг эътиборини тортди. Шу муносабат билан масалани сайёр тарзда, туман ёшлар ташкилоти таклифига кўра, мазкур ташкилотга қарашли бинода кўриб чиқишга киришган жиноят ишлари бўйича Қўш­кўпир туман судига тегишли мазмунда кафолат хати йўл­ланди. Шу орада жабрланувчи тараф ҳам айб­ланувчини кечирди.

Суд бу ҳолатларни эътибордан четда қолдирмади. Ҳар иккала жиноят ишини кўриш жараёнида айбланувчилар истиқомат қилаётган жойдаги маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, фаоллар, айниқса, маҳаллий ёшлар ташкилотининг сўрови, кафиллиги инобатга олинди.

Суд тергов органи томонидан Н. Матёқубовга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «е» банди, Н. Абдуллаевга нисбатан ушбу кодекснинг 266-моддаси 2-қисми бўйича қўзғатилган жиноят ишларини жамоатчилик олдида очиқ-ошкора муҳокама қилиб, ҳар икки жавобгарнинг айбини сезиларли даражада енгиллатиш мумкин, деган хулосага келди. Суд ишлари якунида айб­ланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг камроқ жазо тайинлашга доир 57-моддаси қўлланилди. Ўз қўшнисига оғир тан жароҳати етказган, аммо пировардида қилмишига астойдил пушаймонлик билдирган Н.Матёқубов суд ҳукми билан озодликни чеклаш; бир кишининг ҳаётига зомин бўлиб, охир-оқибатда тавба-тазарру қилган Н. Абдуллаев эса, муайян муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди.

Маҳкумлар гарчи озодликда қолган бўлишса-да, эндиликда ўз элдошлари, жамоатчилик, биринчи галда ёш­лар ташкилотининг доимий назоратида бўлишади. Қо­нунчилигимизда юзага келган ушбу ибратли қоидага мувофиқ уларнинг ҳаётда тўғри йўлни топишига кафиллик берган тараф пировардида бунинг масъуллигини ҳам зиммасига олади.

Жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида Хоразм вилоятининг жиноят ишлари бўйича мавжуд суд инстанциялари томонидан ёшлар, хусусан, 14 дан 30 ёшгача бўл­ган шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракати бўйича қўз­ғатилган 161 та жиноят иши кўриб чиқилди. Уларнинг 119 таси бевосита сайёр суд мажлисларида муҳокама этилди.

Ёшлар ташкилотининг маҳаллий кенгашлари суд жараёнлари арафасида ёшлар томонидан содир қилинган қонунбузарлик ҳолатларини синчиклаб ўрганди ва жами 10 та жиноят иши бўйича судга тортилган 12 нафаршахснинг ҳимоясини ишонч билан ўз зиммасига олди. Суд ёшлар ташкилотларининг кафилликка доир таклифларини рад этмади. Аксинча, барини қаноатлантирди. Фактлар суд ҳукмига биноан оила ва жамият бағрида қолдирилган аксарият шахслар кафиллик берувчининг доимий кузатуви остида маънан, руҳан, ахлоқан покланиш манзиллари томон интилаётганидан далолат беряпти.