Ўзбекистонда e-visa.gov.uz электрон визани расмийлаштириш ва тақдим этиш тизими ишга тушган вақтдан буён 41 мамлакат фуқароларидан 2784 та ариза келиб тушди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов «Газета.uz"га хабар қилди.

Энг кўп Хитой фуқароларидан ариза келиб тушди — 553. Кейинги ўринларда АҚШ (361 та) ва Буюк Британия (335 та) фуқаролари энг кўп мурожаат қилган.

Шунингдек, қуйидаги давлат фуқароларидан ҳам аризалар келиб тушган: Ҳиндистон — 264, Франция — 184, Германия — 138, Австралия — 129, Польша — 116, Испания — 101, Италия — 100, Нидерландия — 71, Канада — 69.

1 август маълумотларига кўра 2297 та электрон виза берилган.

Эслатиб ўтамиз, тизим 15 июль куни ишга тушган. Ундан визани расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилган давлатлардан Ўзбекистонга туристик мақсадда келувчи фуқаролар фойдаланиши мумкин.