Жорий ўқув йилидан бошлаб Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтининг Бухоро филиали ва Россия Федерациясининг И.И.Иванов номидаги Курск давлат қишлоқ хўжалиги академияси билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик меморандуми доирасида қўшма факультет ва унинг негизида агроинженерия бакалавр таълим йўналиши бўйича хамкорликда кадрлар тайёрлаш бўйича илк қадамлар йўлга қўйилди. Бу ҳаҳда Бухоро вилоят ҳокимлигининг сайтида хабар берилди.

Қўшма таълим дастурлари, ўқув режалари ва бошқа меъёрий хужжатлар ишлаб чиқилди. Уларга мувофиқ ўзаро хамкорликда тузилган қабул комиссияси томонидан 2018−2019 ўқув йилида 25 нафар талаба шартнома асосида ўқишга қабул қилинади. Талим рус тилида олиб борилади.

Мазкур қўшма таълим йўналиши талабалари 1 ва 3-босқичларни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтининг Бухоро филиалида 2 ва 4-босқичларни эса Курск давлат қишлоқ хўжалиги академиясида таҳсил олишлари кўзда тутилган бўлиб, битирувчиларга икки томонлама тан олинадиган диплом берилади. Бугунги кунда барча меъёрий хуқуқий хужжатлар белгиланган тартибда тасдиқланиши учун хукуматга тақдим этилган.

2018−2019 ўқув йилида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтининг Бухоро филиали ўқув жараёнига хорижий ОТМ этакчи профессор-ўқитувчиларини жалб қилиш кўзда тутилган. Бу ҳақда «Америка, Хорватия, Германия ва Россиядан келиб марузалар ўқишган мутахассис-олимларнинг барчаси филиал билан хамкорликни кенгайтириш тарафдори, яни биз улар томон кадам қўйганимиз сари, улар биз томон интилишмоқда», — дейди филиал директори Р.Мусурмонов.

Шунингдек, Хорватиянинг Загреб университети ва Германиянинг Гумболдт университетлари билан имзоланган меморандумларга асосан, 2019−2020 ўқув йилидан бошлаб ушбу хорижий таълим муассасалари билан ҳам ҳамкорликда икки томонлама диплом бериш асосида кадрлар тайёрлаш режалаштирилмоқда.