Жорий йилнинг 26 июль куни Давлат солиқ қўмитасида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Олий суд ва Марказий банк билан ҳамкорликда суд ижро ҳужжатлари асосида солиқ қарзини қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда республикамизнинг барча ҳудудларидаги солиқ бошқармалари ва мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимлари масъул ходимлари иштирок этди.

Видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, ҳамкорликдаги тадбирлар натижасида 1121 нафар ходим томонидан қарздорларнинг мол-мулклари хатловга олиш учун жалб этилиб, жорий йилнинг I ярим йиллигида 1,4 триллион сўм солиқ қарзига эга 54 657 та объектдан 31 751 тасида 892,4 миллиард сўмлик маблағ хатлов жараёнида ундирилди ҳамда бу орқали ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 395,3 миллиард сўмга кўп маблағ ундиришга эришилди.

Шу билан бирга, 5922 та қарздорларнинг 337,7 миллиард сўм қийматидаги мол-мулклари, шу жумладан, 1019 та бино ва иншоот, 1280 та транспорт воситалари ва 9701 та бошқа турдаги мулклар хатланди. Ушбу кўрсаткич ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3578 тага ёки 117,3 миллиард сўмга кўпайишига эришилди.

Видеоселектор йиғилишида амалга оширилаётган ишларда йўл қўйилаётган камчиликлар танқидий тарзда муҳокама этилиб, Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармасининг солиқ қарзини ундиришни ташкил этиш бўлими бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган бўлса, Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармасининг масъул раҳбарлари жиддий огоҳлантирилди.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ қарзини кескин қисқартириш мақсадида жорий йилнинг II ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда 1,1 триллион сўм миқдоридаги солиқ қарзларини суд ҳужжатлари асосида ундириш бўйича тегишли ишлар бажарилиши белгиланди.