2 август куни ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидаги «Шоббоз» ҳафталик деҳқон бозорида ўғриликда гумонланган шахснинг арқон билан қўлларидан бозор кириш дарвозаси устунига осиб қўйилгани тасвирланган видеоролик тарқалди.

Қорақалпоғистон ИИВ маълумотларига кўра, ҳолат шу йилнинг 1 август куни соат 6.00 атрофида фуқаро У.А. томонидан содир этилган.

Фуқаро У.А. бозор ҳудудида савдо қилувчи одамлар томонидан ўғирлик содир этганликда шубҳаланиб ушлаб турилган фуқаро Д.Н.ни қўлларини арқон билан боғлаб, бозорнинг кириш дарвозаси устунига осиб, фуқаро Д.Н.нинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситувчи ҳаракатлар содир этган, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро У.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 229-моддаси (Ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқаро Д.Н.нинг ўғрилик жиноятини содир этган ёки этмаганлиги юзасидан терговда аниқлик киритилади ва бу ҳақда тергов якунига кўра қўшимча ахборот берилади.