Бу йил илк марта 1 августдан 15 августга қадар ўтказиладиган Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш имтиҳонини биринчи бор тўғридан-тўғри эфирда кузатиш мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги имтиҳонлар ўтаётган аудиториядан тўғридан-тўғри трансляцияни ташкил қилди, дея хабар беради UzDigital TV компанияси матбуот хизмати.

Тест имтиҳонлари топшириш жараёнини телевизорни Viasat Explorer (DTM) телеканалига ўтказиш (UzDigital TV абонентлари учун) орқали ва интернет орқали ҳам кузатиш мумкин.

Телеканални созлаш

Созлаш менюсидан «ручной поиск» пункти танланади ва ўз ҳудудингизни аниқлаган ҳолда канални ўрнатасиз.

Интернет-трансляция

Тест синовларини онлайн кузатиш учун www.test2018.uz сайтини очиш керак бўлади. Сайтда Ўзбекистон ҳудудлари акс этган харита мавжуд. Ҳар бир вилоятда имтиҳонлар ўтказилаётган жойлар белгиланган. Ҳар бир бинога биттадан камера ўрнатилган.

Тошкентда тест синовлари «Ёшлик» спорт мажмуасида (1-бино ва 1 камера), «Алпомиш» кўргазма маркази (1), «Ўзбекистон» спорт мажмуаси (1), Тошкент молия институти спорт мажмуаси (1), Республика олимпия захиралари коллежи (2-бино), шунингдек, «Ўзэкспоцентр» Миллий кўргазма мажмуаси (5-бино)да ўтказилмоқда.

Таъкидлаш ўринли, бу йил биринчи марта тест имтиҳонлари ўтказилаётган вақтда уяли алоқа операторлари интернет ва SMS хизматларини ўчирмайди.