Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ОТМларга кириш имтиҳонларининг биринчи куни «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар қилди.

1 август куни бу ерда Тошкент давлат юридик университетига кириш имтиҳонлари ўтказилди.

Бош вазир Абдулла Арипов мазкур ҳудудга ташриф буюриб, абитуриентлар ва уларнинг яқинлари учун яратилган шароитлар билан танишди. Тест синовларини шаффоф ва адолатли ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ота-оналарнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади.

Имтиҳон жараёнининг адолатли ўтишига шубҳа билдирган ота-оналарнинг айримларини бош вазир билимларни текширишдаги шаффофликни шахсан кўришга таклиф қилди. Шундан сўнг «халқ кузатувчилари» йиғилганларга имтиҳонлар барча белгиланган қоидалар бўйича ўтаётганига гувоҳ бўлганини сўзлаб берди.