Ўзбекистон Молия вазирлиги интернет фойдаланувчиларининг General Motors Uzbekistan компанияси ўз автомобиллари нархларини белгилашда Молия вазирлиги билан келишиши билан боғлиқ изоҳларига муносабат билдирди. 1 августдан GM Uzbekistan ўз автомобиллари нархини ўртача 14 фоизга оширди.

Молия вазирлиги тарқатган баёнотда президентнинг 2017 йил 14 ноябрдаги қарори билан 2018 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари, ташкилот ва ҳукумат комиссияларининг маҳсулотлар, хом ашё ва материаллар нархлари, ҳажми ва уларни тақсимлаш дислокацияси чегараларини тасдиқлаш ваколати бекор қилингани (Вазирлар Маҳкамаси томонидан рўйхати белгиланиб берилувчи ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга маҳсулот турларидан ташқари) таъкидланади.

«General Motors Uzbekistan ишлаб чиқарувчи автомобиллар нархлар (тарифлар) давлат томонидан назорат қилинадиган ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар (хизматлар) рўйхатига киритилмаган… Шундай қилиб, General Motors Uzbekistan ишлаб чиқарувчи автомобиллар нархлари ҳеч қайси давлат органи, шу жумладан Молия вазирлиги томонидан назорат қилинмайди. General Motors Uzbekistan ишлаб чиқарувчи маҳсулотлар нархи фақатгина ишлаб чиқарувчи томонидан тан нархи, ишлаб чиқариш рентабеллигини таъминлаш ва автомобилларга бўлган талабдан келиб чиқиб белгиланади», — дейилади баёнотда.