Марҳум шайх Муҳаммад Cодиқ Муҳаммад Юсуфнинг фарзанди Исмоил Муҳаммад Юсуф Ўзбекистон мусулмонлари идорасида маслаҳатчи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда идора расмий сайти хабар берди.

Исмоил Муҳаммад Юсуф 1976 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1994 йил «Исломий даъват куллияси"га ўқишга кирди. Тўрт йил бакалавр босқичида, сўнг икки йил магистратурада ўқиб, 2001 йили ушбу куллияни тамомлади. Шундан сўнг, элчихоналарда, диний таълим муассасаларида, нашр ишларида, сайт хизматларида ва таълим марказларида фаолият олиб борди.

Ҳозирда Исмоил Муҳаммад Юсуф «Ҳилол нашр» матбаа нашриёти раҳбари ҳисобланади. 2011 йилда фаолият бошлаган ушбу нашриёт шайх ҳазратларининг китобларини ва яна бошқа бир қатор илмий-маърифий асарларни чоп этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 9 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Чилонзор туманига ташрифлари чоғида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номида масжид барпо этиш бўйича муҳим топшириқлар бериб, улуғ алломанинг хотирасига юксак ҳурмат кўрсатиш ҳақидаги илиқ сўзларни айтган эди.