Тошкент ИИББ Тергов бошқармаси томонидан фирибгарлик билан шуғулланиб келган 29 ёшли Жамшид Т., 20 ёшли Миркомил Т. ва 21 ёшли Азимхожи Т.нинг ноқонуний фаолиятига оид тергов-суриштирув ишлари якунига етказилди. Гуруҳнинг тўртинчи аъзосига нисбатан айни вақтда қидирув эълон қилинган, дея хабар қилди ИИББ матбуот хизмати.

Тергов жараёнида ушбу шахсларнинг фирибгарликдан ташқари уюшган гуруҳ тузиб зўравонлик ҳамда транспорт воситаларини олиб қочиш билан шуғулланиб келгани аниқланди.

Миркомил Т. ҳамда унинг шериклари озиқ-овқат ва маиший техника савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларни бир неча ой давомида алдаб келган. Хусусан, улар тадбиркорлардан катта миқдордаги турли товар ва маҳсулотларни сотиб бериш учун олган. Ишонарли бўлиши учун ҳатто ижарага офис ҳам очилган. Ўзлаштирилган маҳсулотларни ўз баҳосидан арзон нархда сотиб, пулларнинг бир қисми товар эгасига дастлабки даромад сифатида қайтарилган. Шу йўл билан янги маҳсулотларни олиш учун энди бошқа тадбиркор олдига борилган. Бу усул билан жиноий гуруҳ аъзолари 13 нафар тадбиркорни чув туширган. Жабр кўрганлардан ҳеч бири ички ишлар органларига мурожаат қилмаган. Сабаби, фирибгарлар вақти-вақти билан уларга пулларининг бир қисмини бериб келган. Натижада тадбиркорлар шубҳага бормай, пулларининг қайтарилишини кутиб юраверган.

Жиноий гуруҳ аъзолари кейинчалик ёлғон ва ишончни суиистемол қилиш йўлидан оғирроқ жиноятга ҳам қўл ура бошлаган. Жумладан, жабрланганлардан бири Муҳаммадсодиқ А.ни иш юзасидан учрашувга чақириб, уни зўравонлик билан ўз автомобилининг орқа ўриндиғига ўтқазади. Жиноятчилардан бири машина бошқарувини ўз қўлига олади ва номаълум тарафга йўл олади. Йўлда жиноий гуруҳ аъзолари тадбиркор ҳаётига таҳдид қилиб, ундан катта суммадаги маҳсулотларни талаб қилишади. Машина светофорнинг қизил чироғида тўхтайди. Муҳаммадсодиқ эса бу фурсатдан унумли фойдаланиб, чаққонлик билан автомобилдан тушиб қолади ва жиноятчилардан қочиб кетишга муваффақ бўлади.

Муҳаммадсодиқ бўлиб ўтган воқеа юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилади. Транспорт воситасининг олиб қочилганлиги ва содир этилган зўравонлик юзасидан жиноят иш қўзғатилади. Тергов-суриштирув жараёнида Миркомил ва унинг шериклари томонидан содир этилган фирибгарлик жиноятлари фош этилди. Жиноий гуруҳ томонидан 13 нафар тадбиркорга келтирилган зарар миқдори 400 миллион сўмни ташкил этгани аниқланди.