Фарғона вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси тасарруфидаги Фарғона шаҳар футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори Тоҳир Мўминов пора олаётган вақтида қўлга олинди. Ўғли ва жиянини мазкур футбол мактабига ўқишга киритиш истагида юрган Э.Пармоновадан собиқ директор 600 АҚШ доллари олиб келишини сўради. Бу ҳақда «Фарғона ҳақиқати» газетаси сайтида хабар берилди.

Ҳолат юзасидан Э.Пармонова Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими бошлиғига ариза билан мурожаат этиб, қонуний чора кўришни сўрайди. Давлат хавфсизлик хизмати ва Департамент ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-назорат тадбири туфайли жиноятнинг олди олинди. Т.Мўминов Э.Пармоновадан келишилган пулнинг 500 АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга тушди.

Т.Мўминовнинг қилмиши Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан квалификация қилиниб, айбдор деб топилди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди Тоҳир Мўминовга нисбатан 1 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади.