Тожикистоннинг Tajik Air Миллий авикомпанияси 28 июль куни эрталаб «Душанбе — Самарқанд» йўналишидаги мунтазам рейсни йўлга қўйди. Парвоз Boeing 737−300 авилайнерида амалга оширилди.

Авиакомпания матубот котиби Азиз Хайруллоевнинг «Ховар» агентлигига айтишича, бир йўналиш учун чипта нархи 684 сомоний (72 доллар)ни ташкил этади.

Душанбе халқаро аэропортидан жўнаш вақти — 9:00. Парвознинг давомийлиги — 45 дақиқа. Мазкур йўналишдаги навбатдаги рейс 4 август куни амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Миллий авиакомпанияси «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ўтган йилнинг апрель ойида 25 йиллик танаффусдан сўнг Ташкентдан Душанбега илк парвозни амалга оширганди. Рейслар сешанба куни A320 самолётида амалга оширилмоқда. Чипта нархи 78 доллардан бошланади.