Ички ишлар вазирлиги сайтида Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси бошлиғи, полковник Рустам Исроилов журналист Бобомурод Тошев билан суҳбатда билдирган фикрлари эълон қилинди.

— Ўтган давр мобайнида тегишли хизматлар ва бошқармалар билан ҳамкорликда қидирувда бўлган жиноятчиларни ва транспорт воситаларини аниқлаш ҳамда бир қатор юридик ва жисмоний шахсларни тегишли ҳисоблар орқали текшириш ишлари амалга оширилди.

Интерпол ММБнинг асосий вазифаларидан бири Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идораларининг хорижий давлатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари билан жиноятчиликка қарши курашиш масалалари бўйича ахборот алмашинувини ташкил қилиш ҳисобланади.2018 йилнинг иккинчи чорагида Интерпол ММБга келиб тушган ҳужжатлар 7 фоизга, жўнатилган ҳужжатлар эса 4,5 фоизга ошди. Уларнинг асосий қисмини Ўзбекистон Республикаси ИИВ тизимидаги ҳудудий ички ишлар идоралари, хорижий давлатлар ММБлари ҳамда Интерпол Бош котибияти билан ахборот алмашинуви ҳужжатлари ташкил қилади.

Юқоридаги рақамларни таҳлил қилсак, ҳозирги кунда Интерпол ММБга асосан терроризм ва экстремизм, шахсга ва мулкка қарши жиноятлар, ноқонуний миграция ва фоҳишабозлик, иқтисодий жиноятлар ва қалбаки пулларни тайёрлаш, ҳужжатларни қалбакилаштириш каби жиноятчилик турлари бўйича энг кўп сўровлар келиб тушганлигини кузатишимиз мумкин.

Ана шу сўровлар асосида халқаро қидирув эълон қилиниб, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жиноят содир этиб, чет элларда яшириниб юрган бир қанча юртимиз фуқаролари қўлга олинди. Жумладан, 1982 йилда туғилган, иқтисодий жиноятлар содир этгани учун Интерпол каналлари орқалиқидирувда бўлган Қ.О. 2018 йилнинг 1 апрель куни Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида қўлга олиниб, мамлакатимизга экстрадиция қилинди.

1955 йилда туғилган М.М. эса одам савдоси билан шуғуллангани учун Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қидирилаётган эди. Уни ҳам 2018 йил 15 апрель куни Бирлашган Араб Амирликларида қўлга олишга муваффақ бўлинди. Яна бир ҳамюртимиз Н.Р. одам савдоси жинояти содир этиб, Хитой Халқ Республикасига қочиб кетган эди. Унга нисбатан Интерпол каналлари орқали қидирув эълон қилиниб, 2018 йил 21 июнь куни Пекин шаҳрида қўлга олиниб, республикамизга экстрадиция қилинди. Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир этиб, чет эл давлатларида қочиб юрган шахсларни аниқлаш борасида соҳавий хизматлардан ММБга келгансўровлар асосида ҳозирги кунда Интерпол каналлари бўйича 131 нафар шахсга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган.

Экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятлар йўналиши бўйича ҳам бюрога ҳудудий ички ишлар органларидан кўплаб сўровлар келиб тушди. Улар ўз вақтида ўрганилиб, ўрнатилган тартибда хорижий мамлакатларнинг Миллий марказий бюроларига жўнатилиб, ижроси ММБ раҳбарияти томонидан назоратга олинган. Бугунга қадар ушбу жиноятларни содир этгани учун Интерпол каналлари бўйича жами 1098 нафар шахс қидирилмоқда. Уларнинг 175 нафари чет эл давлатларида эканлиги аниқланган. Жорий йилнинг олти ойи мобайнида бу турдаги жиноятларни содир қилган 54 нафар шахсга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинди.

Бу борадаги халқаро қидирувнинг айрим натижаларига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159, 244-моддаларида кўрсатилган жиноятни содир қилиб, Самарқанд вилояти ИИБ томонидан қидирилаётган 1992 йилда туғилган А.Ш. Интерпол каналлари орқали ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Туркия Республикасида яшириниб юрганлиги аниқланди.

1976 йилда туғилган Т.А. экстремистик, фундаменталистик ташкилотлар фаолиятида қатнашгани учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қидирилаётган эди. Бюро тақдим этган материаллар асосида Интерпол каналлари орқали ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида у Қирғизистон Республикасида ҳибсга олинди.

Ходимларимиз ўз мамлакатида ёки бошқа давлатларда жиноят содир этиб, республикамиз ҳудудига қочиб келган жиноятчиларни топишда хорижлик ҳамкасбларига ҳам кўмаклашишмоқда. Бунга биргина мисол келтирадиган бўлсам, Корея Республикаси фуқароси Ж.Ю. ўз юртида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноят содир этиб, мамлакатимизда яшириниб юрганлиги ҳақида маълумот олдик. Тезкор тадбирлар натижасида унинг айнан қаердалиги аниқланиб, Корея Республикаси полиция ходимларига топширилди.

Автотранспорт воситалари билан боғлиқ жиноятлар йўналиши бўйича келган сўровлар асосида 78 та автотранспорт воситаси ҳисоблар орқали текширилди. Аниқланган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ахборот марказининг марказлаштирилган ҳисобига ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг тегишли ҳисобларига назоратга олиш учун тақдим этилди.

Бюронинг асосий вазифаларидан яна бири Интерпол Бош котибияти томонидан ташкил этиладиган ўқув семинарлари ва конференцияларда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг иштирокини таъминлашдан иборат. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Франция, Испания, Таиланд Қироллиги, Германия, Корея Республикаси каби мамлакатларда ўтказиладиган 11 дан ортиқ бундай тадбирларга Интерпол Бош котибиятидан таклифномалар олинди. Бу борада ИИВ раҳбариятига ахборот бериш учун вазирликнинг Халқаро ҳамкорлик бошқармасига тегишли материаллар тақдим этилди.

Хорижий мамлакатлар Интерпол Миллий марказий бюролари билан ҳамкорликни янада яхшилаш ҳам доимо диққат марказимизда. Жорий йилнинг 5−8 февраль кунлари Интерполнинг Туркия Республикасидаги Миллий марказий бюроси раҳбари Лютфи Чичек бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. Улар билан трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги бир қанча долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Ушбу ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан қидирилаётган шахсларни аниқлаш мақсадида ходимларимизнинг Туркия Республикасига хизмат сафарини ташкил этиш борасида ҳам келишиб олдик.

2018 йилнинг 1−5 май кунлари эса Интерпол ММБ, ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси ҳамда Жиноят қидирув бош бошқармаси ходимларидан иборат делегация Туркия Республикасининг Истанбул ва Анқара шаҳарларига хизмат сафарида бўлди. Хизмат сафари давомида Туркия Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан музокара ва йиғилишлар ўтказдик.

Интерпол Бош котибияти томонидан ташкил этиладиган ўқув семинарлари ва конференцияларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказиш борасида ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2018 йилнинг 30 апрель — 4 май кунлари Тошкент шаҳрида «Одам савдосига қарши курашиш» мавзусига бағишланган Марказий Осиё давлатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари иштирокидаги семинар-тренинг юқори савияда ташкил этилди.

Мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни Интерпол ММБни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Марказий бюро бўлинмаларининг фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник таъминотини яхшилаш, тезкорлигини ошириш чоралари кўрилди. Ҳудудий ички ишлар идораларидаги Интерпол йўналиши бўйича масъул ходимларнингфаолиятидаги камчиликлар таҳлил қилиб бориляпти. Ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида малакали, масъул ходимларимиз ҳар чоракда бир маротаба жойларда хизмат сафарида бўлиши йўлга қўйилди.

Қидирувдаги жиноятчиларни, бедарак йўқолган шахсларни халқаро миқёсда қидириб топиш бўйича ўрнатилган тартиб ҳозирги кун талабларига тўлиқ жавоб бермаяпти. Шунинг учун халқаро қидирувни янада жадаллаштириш бўйича Интерпол Бош котибиятига ўз таклифларимизни бердик. Тизим фаолиятини яхшилаш мақсадида хорижий илғор иш тажрибаларини жорий этиш чораларини кўряпмиз. Хуллас, чет эллик ҳамкасбларимиз билан биргаликда жиноятчиликка қарши курашиш борасида мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўлларини излаяпмиз.

Зеро, бугунги кунда одам савдоси, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши, автотранспорт воситалари, экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятлар тобора глобал хусусият касб этмоқда. Қолаверса, қасддан одам ўлдириш, фирибгарлик, ўғрилик ва бошқа жиноятларни содир этган айрим ашаддий жиноятчилар хориждан ўзларига паноҳ излашяпти. Ана шундай бир шароитда жиноятчиликка қарши курашиш йўлида халқаро ҳамкорлик ҳар доимгидан ҳам кўра каттароқ аҳамиятга эга.