Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров Фарғонадаги тергов изоляторида бўлиб, у ердаги вазият ҳақида ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ёзиб қолдирди.

«Фарғона вилоятидаги тергов изоляторида таҳлиллардан хулосаларим:

бугунги кунда қамоқхоналар маҳбуслар сонининг кўп бўлишидан манфаатдор. Чунки муассасанинг моддий таъминоти ва унда ишловчиларга тўланадиган ҳақ миқдори маҳбусларнинг сонига боғланган;

ички ишлар тизимида қамоқхона ёки тергов изоляторларида хизмат қилувчи ходимларга «ўгай фарзанд» принципи шаклланиб қолган. Уларни маиший таъминоти, рағбатлантирилиши ва хизматда юқорилаши жуда қийин амалга ошади. Бу муносабат беихтиёр ходимларнинг маҳбусларга бўлган «дўстона алоқалар"ига айланади;

қамоқхоналар одамларни қайта тарбиялаш эмас, янада радикаллаштириш, жамиятга нисбатан нафратини янада кучайтириш масканлари бўлиб қолмоқда".

Шунингдек депутат мавжуд ҳолат юзасидан ўзининг таклифларини билдириб ўтди:

«қамоқхона ва тергов изоляторларида хизмат кўрсатадиган ички ишлар ходимларига муносабатни ўзгартириш;

муассасаларнинг таъминотини маҳбусларнинг сонидан келиб чиқиш амалиётидан воз кечиш, аксинча у ердан чиққан маҳбусларнинг ҳаётда ўрнини топиб кетиш даражасидан келиб чиқиш лозим".