Президентнинг 19 июлдаги қарори билан жисмоний шахслар номига келаётган, божхона тўловлари ундирилмайдиган товарлар учун жўнатма турига: почта ва курьерлик жўнатмаси орқали келаётганлигига қараб чекланган меъёрлар белгиланди, дея хабар қилди Norma.uz.

Илгари почта ва курьерлик жўнатмалари учун ягона меъёр амал қилар эди — ойига 1 000 АҚШ доллари. Эндиликда эса хориждан битта почта жўнатмаси учун чекланган меъёр 100 доллар, куръерлик жўнатмалари учун эса ҳар чоракда 1000 доллар этиб белгиланди.

Юридик шахслар учун халқаро почта ва куръерлик жўнатмалари учун чекланган меъёр 100 доллар бўлди.

Маълумотнома: халқаро почта жўнатмалари — тегишли ўрамда муайян манзилга жўнатилган ёзма хат-хабарлар, посилкалар ва босма нашрлар; халқаро курьерлик жўнатмалари — қисқа муддатларда қўлдан қўлга топширган ҳолда етказиб бериладиган почта карточкалари, хатлар, бандероллар, посилкалар, босма нашрлар.

Мониторинг қилиш механизмини соддалаштириш мақсадида почта алоқаси операторлари ва провайдерлари зиммасига халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар тўғрисида маълумот бериш мажбурияти юклатилди. Бунинг учун қуйидаги ахборотни электрон тарзда олдиндан тақдим этиш имконини берувчи махсус тизим жорий этилади: қабул қилувчининг ФИО, унинг манзили, паспорт серияси ва рақами ёки СТИР, шунингдек почта алоқаси оператори ёки провайдерининг номи, жўнатувчи давлат, жўнатманинг тавсифи ва унинг қиймати.