27 июль куни Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги масъул ходимига нисбатан давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлик учун илк маротаба маъмурий жаримага тортиш тўғрисида қарор чиқарилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлигидан «Газета.uz"га маълум қилинди.

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ҳуқуқбузар энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, яъни 921 500 сўм миқдорида жаримага тортилди.

Аввал хабар берилганидек, 23 июлдаги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (МЖТК) тегишли ўзгартишлар киритилган эди. Унга кўра, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо чораларини қўллаш маъмурий судлардан Агентликка ўтказилди. Орган номидан қарорларни агентлик директори ва унинг ўринбосарлари, агентлик ҳудудий бошқармаларининг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари қабул қилади.