Ўзбекистонда корхоналар раҳбарларининг 60 фоизи бозорда рақобатнинг ўсиши яқин беш йилда ўз бизнесига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб ҳисоблайди. Ушбу маълумот дунёнинг йирик компаниялари раҳбарлари ўртасида глобал сўров ўтказиш билан шуғулланувчи CEO Survey`нинг Ўзбекистонга бағишланган илк сонида келтириб ўтилди. Унинг тақдимоти 26 июль куни Тошкентда бўлиб ўтди.

PricewaterhouseCoopers (PwC) аудиторлик компанияси 21 йилдан буён тадқиқот ўтказиб келади. Унда бутун дунёдаги қарийб 1500 нафар бизнес эгалари иштирок этади. Сўров натижалари Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида эълон қилинади.

Ўзбекистонга бағишланган сон «Эҳтиёткор оптимизм» деб номланди. PwC фикрига кўра, у Ўзбекистон компаниялари раҳбарларининг келажакка тараддуди ва ишончини акс эттиради.

Сўровда 30 нафар CEO (chief executive officer — бош ижрочи директор, яъни компания бошлиғи) иштирок этди. Бунда давлат ёки давлат томонидан назорат қилинувчи компаниялар раҳбарлари жалб қилинмади. 97 фоиз респондент эркаклардан иборат бўлди. Сўровда қатнашганларнинг ярмидан кўпроғи (51 фоизи) — 24−34 ёшдаги ёш тадбиркорлар. 32 фоиз раҳбарлар хизмат кўрсатиш соҳасига ихтисослашган компанияларни бошқарса, 21 фоизи — молия, 18 фоизи — истеъмол товарлари, 11 фоиздани — технологиялар ва саноат маҳсулотлари ҳамда 7 фоизи — соғлиқни сақлаш соҳаларида фаолият кўрсатади.

Сўров якунларига кўра, 87 фоиз CEO яқин йилларда ўз компанияси даромадлари ўсишига ишонч билдириб, Россия (75 фоиз) ва Қозоғистондаги (86 фоиз) бизнес раҳбарлари билан солиштирилганда анча юқори оптимизм кайфиятини намойиш этган.

Ўзбекистонлик раҳбарларнинг катта қисми ўз биснесининг истиқболли ўсиши нуқтаи назаридан Россия (67 фоиз), Қозоғистон (43 фоиз), Хитой (37 фоиз), Туркия (30 фоиз) ва Жанубий Корея (23 фоиз) мамлакатларини муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. Ўзбекистон компаниялари раҳбарларининг 7 фоизигина АҚШни бўлғуси биснеси учун аҳамиятли деб кўрсатган бўлса, 10 фоизи Германия, 17 фоизи ЕИнинг бошқа давлатларини белгилаган.

Сўров иштирокчиларининг 70 фоизи иқтисодиётнинг ўсишига ишонч билдирган. Айни пайтда респондентлар малакали кадрлар етишмовчилигидан хавотир билдирмоқда (60 фоиз).