Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов билан «Белфармпром» ҳолдинг компанияси бош директори Валерий Шевчук ва Беларусь Республикасининг нуфузли фармацевт мутахассислари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда онкологик дори воситалари ва гемодиализ учун буюмлар ишлаб чиқарилиши бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар тарқатди.

Дунёда ҳар йили 16 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам 100 мингдан ортиқ бемор онкологик касалликлар бўйича ҳисобда туради. Бундай беморларга самарали тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий тиббий препаратларнинг ўрни беқиёс.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Белфармпром» ҳолдинг компанияси билан ҳамкорлиги ана шундай долзарб тиббий-ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш, инсон саломатлигини асраш ва тиббиёт ривожи йўлида муҳим қадам бўлди.

Айтиш жоизки, «Белфармпром» жаҳон фармацевтика саноатида етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, бугунги кунда мазкур ҳолдинг компания таркибидаги корхоналар ўз маҳсулотини дунёнинг ўттиздан зиёд давлатига экспорт қилмоқда. Эндиликда мазкур компания билан ҳамкорликда Ўзбекистонда онкологияда қўлланиладиган замонавий тиббий препаратлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этишга келишилди. Ўзаро мулоқотларда беларуслик мутахассислар мамлакатимиз қимматли табиий хомашё базасига бойлиги ҳамда тармоқлараро саноат кооперацияси яхши йўлга қўйилгани хорижий инвесторлар учун жуда катта қулайлик яратишини таъкидладилар.

Яна бир муҳим лойиҳа — гемодиализ буюмлари ва сарфлаш материаллари ишлаб чиқариш борасидаги келишув бўлди. Гемодиализ — буйрак вазифасини бажарувчи даво муолажаси бўлиб, буйрак хасталигига чалинган беморлар ҳаётини асрашда бу усул муҳим рол ўйнайди. Бугунги кунда мамлакатимизда бу хизмат йўлга қўйилган ва замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштириляпти.

Учрашувда шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртлари ва ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга қаратилган икки томонлама шартномалар имзоланишига ҳам келишиб олинди.