Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси собиқ сардори Сервер Жепаров фаолиятини Қозоғистоннинг «Жетису» клубида давом эттиради, дея хабар бермоқда «Халқ сўзи Online».

Ҳозирча 35 ёшли футболчининг қандай шартлар эвазига янги клубга ўтгани борасида аниқ маълумотлар берилмаган. Жепаров янги жамоаси билан бир йиллик шартнома имзолаган.

Маълумот учун, Сервер Жепаров ўз вақтида Ўзбекистонда «Навбаҳор», «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Локомотив» жамоаларида тўп сурган. Бундан ташқари у легионер сифатида Жанубий Кореянинг «Сеул», «Соннам», «Ульсан Ҳёнде» клублари шарафини ҳимоя қилган. Сўнгги вақтларда эса у фаолиятини Эронда давом эттираётганди. Аввалига у «Истиқлол» жамоасида тўп сурган бўлса, кейинроқ «Сепаҳон» жамоаси сафига бориб қўшилганди.