2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 119 823 та иш кўриб чиқилди ва 168 миллиард сўмдан зиёд мажбурий тўловларни ундириш ҳақида 165 864 та суд буйруғи чиқарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га маълум қилди.

Кўриб чиқилган фуқаролик ишлари бўйича 102 930 та ҳал қилув қарорлари чиқарилди. Ушбу қарорлар бўйича талабларнинг 83 фоиздан ортиғи қаноатлантирилди.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини никоҳдан ажратиш, қарз ва кредит ва шартномаларидан келиб чиқадиган низолар ва алоҳида тартибда юритилган ишлар ташкил этди.

42 532 та фуқаролик иши сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан аҳоли билан 3 647 учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида ўрганилган 525 та иш бўйича протестлар қаноатлантирилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 462 та қарор бекор қилинди ва 40 та суд қарорлари ўзгартирилди.