Франция Ташқи ишлар вазирлигида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Франция Ҳукуматлараро комиссисиянинг еттинчи йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилди «Дунё» АА.

Йиғилишда икки мамлакатнинг ортиқ расмий, ишбилармон ва эксперт доираларининг 50 дан ортиқ вакили иштирок этди. Ўзбекистон делегациясига бош вазир ўринбосари Сухроб Холмуродов, француз томонига эса ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан бошчилик қилди.

Франция ТИВ раҳбари бугунги кунда икки давлат дипломатик муносабатларида янги саҳифалар очилаётганини таъкидлаб ўтди. У Тошкентнинг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, жумладан Афғонистонда барқарорликни таъминлаш борасидаги минтақавий сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Франция ТИВ давлат котиби Жан Батист Лемуан ўз мамлакатининг авиация ва саноатнинг бошқа турлари, нефть-газ ва қазиб олиш сектори, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги каби йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистонга ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди.

Сухроб Холмуродов ва Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистондаги жорий ижтимоий-иқтисодий вазият ва хорижий инвесторлар учун шароитлар тўғрисида йиғилганларни бохабар қилди.

Тадбир жараёнида Airbus, Thales, Veolia, Sagemcom, BPIFrance, Франция Миллий космик тадқиқотлар маркази, Француз тараққиёт агентлиги, Молия вазирлиги вакиллари маъруза қилди. Ўзбекистон томонидан Миллий банк, Давлат туризм қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва бир қатор компаниялар тақдимот ўтказди.