Прокуратура органлари томонидан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасида 2018 йил биринчи ярмида муайян ишлар амалга оширилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур ишлар давомида асосий эътибор қуйидагиларга қаратилди:

Ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар:

— қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш, ислоҳотлар ва демократик ўзгаришларни самарали амалга ошириш мақсадида 6 та бошқарма қайта тузилди ва 3 та янги бошқарма ташкил этилди;

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.04.2018 йилдаги фармонига мувофиқ қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув истеъмоли соҳасида назорат тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Бош прокуратура ҳузурида янги тузилма Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди;

— прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари Бош прокуратура Академияси этиб қайта ташкил этилди;

— Ўзбекистон Республикаси прокуратурасига тегишлиликни билдирувчи расмий тимсоллар — Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг байроғи ва герби тасдиқланди;

— ўтказилган инвентаризация натижалари бўйича Бош прокурорнинг 7 та буйруқлари бекор қилиниб, замонавий талаблар ва қонунчиликдаги ўзгаришлар асосида 13 та янги буйруқлар қабул қилинди;

Аниқланган тизимли камчиликларни ҳуқуқни қўллашни ягона амалиётни шакллантириш ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш орқали бартараф этиш:

Қонунийлик ва жиноятчилик аҳволи таҳлили натижалари бўйича, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш, ҳуқуқий нормаларни қўллашда субъективликка йўл қўймаслик, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш мақсадида ўтган даврда Бош прокуратура ташаббуси билан 32 та норматив-ҳуқуқий хужжат қабул қилинди;

Шу жумладан:

— иқтисодиёт тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот, хомашё ва материаллар турлари билан барқарор таъминлаш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан янада самарали фойдаланиш:

— маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва рақобатбардошлигини ошириш учун кулай шарт-шароитлар яратиш, республикага дори воситалари ва тиббиёт буюмлари олиб киришни янада тартибга солиш;

— мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш, бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш;

— ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, электрон давлат хизматлари ва телекоммуникация хизматлари спектрини кенгайтириш, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш;

— хорижда жойлашган ва Ўзбекистон Республикаси судларининг қарорларига асосан давлат даромадига ўтказилган мулкдан самарали фойдаланишни таъминлаш;

— жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш;

— архитектура-қурилиш соҳасини бошқаришнинг шаҳарсозлик фаолиятига инновацион ғоялар, ишланмалар ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш имконини берувчи замонавий тизимни яратиш ва бошқаларга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Жамоатчилик назорати механизмларини амалга ошириш ва прокуратура органлари фаолияти ошкоралигини таъминлаш:

2018 йил биринчи ярмида прокурорлар томонидан қонунийлик ва жиноятчиликка қарши курашиш аҳволи ҳақида Халқ депутатлари Кенгашлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига 599 та ахборот киритилди, Кенгашлар йиғилишларида прокурорларнинг 294 маротаба ҳисоботлари эшитилди.