Сенатда «Озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон қонунининг давлат назорат органлари томонидан ижро этилиши натижалари муҳокама қилинди, дея хабар қилди Олий Мажлис юқори палатаси матбуот хизмати «Газета.uz"га.

"Ўзстандарт" агентлиги 2017 йил ва жорий йилнинг биринчи чорагида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи 67 та корхонада метрология ва сертификатлаштириш қоидаларига оид норматив ҳужжатларнинг адо этилишини текширувдан ўтказди. Текширувлар натижалари бўйича 183 турдаги озиқ-овқат маҳсулотининг 42 таси истеъмол учун яроқсиз деб топилди.

2017 йил давомида Давлат санитария-эпидемиология хизмати санитар меъёрларга жавоб бермайдиган 385 кг, 2608 л ва 265 қути озиқ-овқат маҳсулотларини йўқ қилди.

Кушхоналар ва деҳқон бозорларидаги лаборатор ва ветеринар текширувлар якунлари бўйича 28,6 тонна гўшт, 118,7 тонна субмаҳсулотлар, 104,7 тонна сут ва сут маҳсулотлари ҳамда 3022 тонна ўсимлик озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз деб топилиб, йўқ қилинди.

Текширувлар жараёнида аксарият текширилган корхоналарда озиқ-овқат қўшимчаларидан рецепт бўйича фойдаланмагани, маҳсулотларни сақлаш ва ташишда хавфсизлик талабларига риоя этилмагани маълум бўлди.

Айрим ишлаб чиқарувчилар шахсий мақсадлари йўлида маҳсулот қадоғида сақлашшароитлари ва тайёрланиш муддатларини кўрсатмаган, савдо пештахталарига яроқлилик муддатлари ўтиб кетган маҳсулотлар чиқарилган. Бу аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдиради.

Сенаторлар ҳамда вазирлик ва маҳкамалар вакиллари мамлакатда мева ва сабзавотларда гени ўзгартирилган организмларни аниқлаш бўйича ишлар ташкил этилмаганини қайд этишди.

Ветеринария соҳасида олий маълумотга эга 1300 дан ортиқ мутахассис етишмайди. 5000 дан ортиқ фермер хўжаликлари ва 2000 га яқин паррандачилик хўжаликларида ветеринар шифокор штати мавжуд эмас. Уй шароитларида жониворларни сўйиш устидан назорат мавжуд эмас.

Озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини таъминлаш бўйича қонунчилик ва назорат механизмларини такомиллаштиришга қарор қилинди.