Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ёшлар масалалари бўйича комиссияси Facebook`даги расмий саҳифасида Самарқанддаги махсус мактаб тарбияланувчиларига қилинган зўравонлик бўйича муносабат билдирди.

«Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ёшлар масалалари бўйича комиссияси Самарқанддаги махсус мактабда мактаб маъмуриятининг болалар билан қилинган ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини таълим-тарбиядаги йўл қўйиб бўлмас ҳолат деб баҳолайди. Чунки таълим тарбияда мажбурлов, зўравонлик ва босим ўтказиш ҳолатлари инсоний қадриятларга тўғри келмайдиган усулдир. Бундай шароитда инсон ижобий хулқ атворга эга шахс сифатида камол топмайди», — дейилади баёнотда.

Комиссия аъзолари Самарқанддаги махсус мактаб маъмурияти, педагогик жамоасининг болалар билан қилган нотўғри тарбия усули ва муомаласини кескин қоралаб, бу ишнинг қонунларга мувофиқ ўрганилиши, айбдорлар жазоланиши ҳамда келгусида бундай ҳодисаларга йўл қўйилмаслигини ваколати даражасида назорат қилиб боришга ваъда беради.

«Умид қиламизки, махсус мактабдаги ушбу нохуш вазият хусусий ҳолат бўлиб юртимиздаги минглаб фидойи, жонкуяр ўқитувчи ва мураббийларимизнинг ҳурмати ва шаънига дахл қилмайди», — дея муносабатга якун ясалади.