2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 10 998 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 8 050 фуқаронинг ҳуқуқи тикланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га маълум қилди.

Шунингдек, ҳисобот даврида маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида кўзда тутилган ҳуқубузарликлар бўйича 221 530 нафар шахсга нисбатан 179 671 та иш кўриб чиқилди. Жумладан 151 600 нафар шахсга нисбатан жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоқ ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Хусусан, маъмурий судлар томонидан транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ва транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 30 374 нафар шахсга нисбатан 30 245 та иш кўриб тамомланган. Шундан 3 240 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди, 24 136 нафар шахс эса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Маъмурий судлар томонидан 101 143 та иш, яъни барча ишларнинг 55 фоиздан ортиғи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 1 345 та шикоят ва протестлар кўриб чиқилди, шундан 319 таси иш материаллари асосида ўрганилди.