Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги жамоатчилик — ота-оналар, ўқитувчилар, ўқувчиларни — зўравонлик аломатлари аниқланганда дарҳол ХТВ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беришга чақирди.

Вазирлик мутасаддилари 23 июль куни «Газета.uz"да эълон қилинган Самарқанддаги 64-ихтисослашган мактабда ўқувчилар устидан зўравонлик ҳолатларига йўл қўйилгани ҳақидаги маълумотлардан ўта ташвишда экани билдирилди. Мақола эълон қилинганидан сўнг ХТВда зудлик билан махсус ишчи гуруҳи тузилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари ҳам ўрин олган ишчи гуруҳи вазиятни синчковлик билан ўрганмоқда. Ўрганишлар натижалари эълон қилинади.

Ҳуқуқбузарликларга алоқадор барча шахслар Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади, дейилади ХТВ баёнотида.

Бугунги кунда мактаб-интернатда 109 нафар ўқувчи рўйхатдан ўтган. Бу ерда 44 нафар ўқитувчи ва 34 нафар техник ходим меҳнат қилади.

Сешанба куни Бош прокуратура мактаб директори Шуҳрат Садинов ва бир қатор ходимларга нисбатан Жиноят кодексининг 110- модда 2- қисм «а» банди (вояга етмаганларга нисбатан қийноқ) ва 206- модда 1- қисм (мансаб ваколатидан четга чиқиш) бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.