Ўзбекистон ва Қозоғистон Тошкент-Қизилўрда-Тошкент йўналиши бўйича яна бир янги халқаро автобус қатновини ишга туширди, дея хабар қилди «Ўзавтотранс» агентлиги.

21 июлдан йўналиш бўйича биттадан Van Hool (Бельгия) йўловчи автобуси маҳаллий вақт билан 17:00 да Тошкентдан Қизилўрдага йўлга отланади. Автобуслар чегарани «Ғишткўприк» (Ўзбекистон) ва «Жибек Жоли» (Қозоғистон) назорат-ўтказиш пунктлари орқали кесиб ўтади.

«Тошкент» (Ўзбекистон) ва «Салтанат» (Қозоғистон) автовокзаллари рейсларнинг охирги тўхташ нуқтаси бўлади.
Ташувларни Ўзбекистон томонидан Uzkaz AutoTrans ва Қозоғистон томонидан — Tulpor-Baykonur компаниялари амалга оширади.

Йўналиш масофаси 583 км бўлиб, йўлга 10 соату 30 дақиқа сарфланади, йўл ҳақи Тошкентдан Қизилўрдага 97 мингсўм, Қизилўрдадан Тошкентга — 3800 тенге.
Жорий йилда Тошкент-Олма Ота-Тошкент, Тошкент-Чимкент-Тошкент, Тошкент-Бишкек-Тошкент, Тошкент-Хўжакент-Тошкент йўналишлари бўйича тўртта доимий халқаро автобус қатновлари ташкил этилди.

Мазкур йўналишлар бўйича Ўзбекистондан кунига 400 йўловчи чиқиб, 420 йўловчи кириб келмоқда. Йўналишлар очилгандан буён шу вақтга қадар 40 мингдан зиёд йўловчилар ташилди.

Ярим йил давомида республика автотранспорт воситаларида 504 млн тонна юк ва 2,82 млрд йўловчи ташилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 4,6 ва 12,2 фоизни ташкил этди.