23 июль куни Тошкентда Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Вьетнам ҳукуматлараро комиссиясининг еттинчи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Ўзбекистон томонидан ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва Ўзбекистоннинг Вьетнамдаги элчиси (қароргоҳи Жакартада) Улуғбек Розуқулов иштирок этди. Вьетнам томонидан эса Вьетнам саноат ва савдо вазири ўринбосари Хоанг Куок Вионг ва Вьетнамнинг Ўзбекистондаги элчиси Фам Ван Фао қатнашди.

Мамлакатлар ташқи иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало савдо айланмаси ҳажмини ошириш, балиқчилик ва ипакчилик, чой ва қора мурч етиштириш соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашни мақсад қилган.

2017 йил якунларига кўра, савдо айланмаси ҳажми 16 фоизга ошиб, 33 млн долларга етди. 2018 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича эса ўзаро савдо айланмаси 2,5 баробардан ортиқроққа ортиб, 30 млн долларга яқинлашди.

Томонлар савдо айланмасини шу йилнинг ўзида 100 млн долларга етказиш имконияти мавжуд, деб ҳисоблайди.

Вьетнам Ўзбекистонга таълим соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, талабалар алмашинувини йўлга қўйишни таклиф қилди.