Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда жамоат кенгаши ташаббуси билан ҳар ҳафта тадбиркорлар ва инвесторлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этиб келинмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркорлар ва инвесторлар томонидан тақдим этилган лойиҳа дастурларини кўздан кечирди. Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати берган хабарга кўра, «TECHNOPARK NAPA» юқори технологик парк лойиҳаси Ортиқхўжаевга маъқул келган.

Пойтахтда IT- тадбиркорликни ривожлантириш ва АКТ соҳаси мутахассисларини тайёрлашга хизмат қилувчи ушбу майдончада йилига 100 дан ортиқ стартаплар, янада аниқроқ қилиб айтсак камида 250 та янги ишланмалар ҳаётга татбиқ этилади.

Ушбу лойиҳани яратишда Исроилнинг технопарклари прототип қилиб олинган. Лойиҳани амалга ошириш учун 12 минг квадрат метр майдон зарур. Компания ва ҳокимият вакиллари лойиҳа жойлашадиган ҳудуд ва бошқа тафсилотлар бўйича бир неча учрашувлар ўтказишга тайёр.