Тошкентдаги Миробод ва Шота Руставели кўчалари чорраҳасидаги (Grand Mir меҳмонхонаси қаршисида) соатли минора олиб ташланади, дея хабар қилди пойтахт ҳокимияти матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Миноранинг ўрнатилиши ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Фойдаланувчилардан бири Тошкент минорасининг Американинг Сомервилл шаҳридаги «Эслаш вақти» ёдгорлиги (пойдеворига округнинг 2001 йил 11 сентябрдаги терактларда ҳалок бўлган 39 нафар аҳолиси исм-шарифлари ёзилган соатли минора) билан ўхшаш эканига эътибор қаратди. Тошкентдаги минорада ҳам «Time to remember» ёзувининг борлиги объект дизайни кўчирилганига шубҳа қолдирмайди.

Фото: Vitaliy Khalzunov / Facebook.

«Сўнгги вақтларда шаҳарнинг оммавий жойларида металдан безаклар пайдо бўла бошлади. Мазкур конструкцияларнинг аксарияти ижтимоий тармоқларда ижобий қабул қилинмоқда, бироқ улардан бири баҳсли бўлиб чиқди ва у Тошкент ҳокими в. б. Жаҳонгир Ортиқхўжаев топшириғи билан тезкорлик билан олиб ташланмоқда», — дейилади ҳокимият хабарида.

Фото: Тошкент ҳокимияти матбуот хизмати.

Тошкент ҳокимияти ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши ҳам пойтахтда янги арт-объектларнинг пайдо бўлаётганига изоҳ бериб, кенгаш уларнинг танланиши ва ўрнатилишига ҳеч қандай алоқадор эмаслиги таъкидлаб ўтилди.

Фото: fb.com/TashkentTop.

«Бу ерда ҳеч қандай аниқ фикр йўқ. Шаҳар аҳоли учун ҳам, меҳмонлар учун ҳам янада кўркам, дўстона ва қизиқарли бўлиши керак, деяётганлар ҳақ. Баъзилар арт-объектлар дизайни ва уларнинг жойлаштирилишидан ҳайрон қолмоқда ва шуни танқид қилмоқда», — дейилади хабарда.

Жамоатчилик кенгаши Тошкентдаги ўзгаришларни олқишламоқда, бироқ санъат объектларининг ҳис-туйғуларимизга таъсир кўрсатаётган ғоявий ва бадиий таркибини муҳокама қилишга шаҳарликларни жалб қилиш муҳим, деб ҳисоблайди, дейилади хабарда.